Погода в Ташкенте:

29°C

курс валют:

USD 12695.00

RUB 138.12

EUR 13648.39

RU UZ

Проведен конкурс "Знаете ли вы о праве голоса?"

Бугун - Халқаро ШИФОКОРЛАР куни. (Хар октябр ойининг биринчи душанбаси кунида нишонланади.)

11.10.2021. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят Кенгаши томонидан ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг сайлов қонунчилиги ҳамда сайлов тўғрисидаги билимларини ошириш мақсадида сентябрь-октябрь ойлари давомида “Сайлов ҳуқуқини биласизми?” танлови ўтказилди.

Танлов вилоят Кенгашининг расмий сайти ҳамда телеграм каналида, шунингдек, 103 дан ортиқ турли интернет канал ва гуруҳларда эълон қилиниб, 113 мингдан ортиқ киши танишиш имконига эга бўлди.

Икки босқичда ташкил этилган танлов шартига кўра биринчи босқичда иштирокчилар @kasabafar телеграм каналида 10 кун давомида эълон қилинган 3 тадан саволларга жавоб бердилар. Хусусан, танлов саволларига жавоблар махсус манзилга юборилиб, биринчи бўлиб тўлиқ ва тўғри жавоб берган иштирокчи 3 баллни қўлга киритган бўлса, қолган иштирокчиларга 1 баллдан берилди. Саволлар 10 кун давомида соат 17:00 да эълон қилиниб, иштирокчилар томонидан жавоблар соат 17:00-19:00 гача оралиқда телеграмдаги махсус манзил орқали қабул қилинди. Белгиланган вақтдан кейин келган жавоблар ҳисобга олинмади.

Биринчи босқич таҳлилларига кўра 10 кун давомида 23 минг 241 нафар иштирокчи қатнашди. Танлов саволларига эса 11 минг 978 нафар иштирокчи жавоб берди. Уларнинг 8 минг 231 нафари ўз вақтида жавоб берган бўлса, 3 минг 747 нафари белгиланган вақтдан кейин жавоб берган. Ўз вақтида жавоб берган 8231 нафар иштирокчидан 709 нафар иштирокчи тўғри ва тўлиқ жавоб бериб тегишли балларни қўлга киритди.

Танловнинг биринчи босқичи якунига кўра 24 нафар иштирокчи иккинчи босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди ва уларнинг 3 нафари Низомда белгиланган ёшдан катталиги учун, 2 нафари ўз хоҳишига кўра иштирок этишни исташмади.

Иккинчи босқичда 19 нафар танлов иштирокчиси, турли соҳа вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати, ёшлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирок этдилар.

Танлов Низомига асосан иккинчи босқич 2 та турдан иборат бўлди. Биринчи турда иштирокчилар комюьтерда махсус тайёрланган 20 донадан тест саволларига 30 дақиқа давомида жавоб бердилар.

Иккинчи турда эса, иштирокчиларга навбати билан 3 тадан савол берилди. Иштирокчиларнинг саволларга тайёргарлик кўриши учун 3 дақиқа, жавоб бериши учун 3 дақиқа ажратилди. Ҳар бир тўғри жавоб учун 5 балл берилди.

Таъкидлаш зарурки, танлов очиқ, ошкора ва шаффоф равишда ўтказилди. Ҳар бир иштирокчи жавоб берганидан сўнг баллари шу заҳоти эълон қилинди ва махсус экранда акс этиб турди.

Танлов якунида 1-ўринни эгаллаган ғолиб диплом ва “Зомин” санаторийсига йўлланма, 2-ўринни қўлга киритган иштирокчи диплом ва нооутбук, 3-ўрин эгаси диплом ва телевизор билан тақдирланди. Қолган барча иштирокчиларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.