Сдан в эксплуатацию современный санаторий «Сангардак», построенный Федерацией профсоюзов Узбекистана
16.09.2023. Бугун Янги Ўзбекистон том маънода янгиланиш ва ўзгаришлар юртига айланди. Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадрини юксакларга кўтариш ва халқ турмуши фаровонлигини оширишга қаратилгани билан янада аҳамиятли эканлиги, мисли кўрилмаган бунёдкорлик ишлари олиб борилаётгани нафақат юртдошларимиз, балки халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Чунки, ушбу ўзгаришларнинг барчаси одамлар кўз ўнгида юз бериб, уларнинг бугунги кундан рози бўлиб яшашларига хизмат қилмоқда.
Мазкур жараёнлардаги хайрли ва эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида кўп миллионли аъзога эга бўлган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга мамлакатимизда янги сиҳатгоҳлар барпо этиш, тизимдаги санаторийларнинг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш, уларнинг қабул қувватини ошириш, бу орқали меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлаш йўналишларида тизимли ишларни амалга оширмоқда.Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида 30 дан ортиқ санаторий фаолият кўрсатмоқда. Эндиликда ана шундай масканлар сони яна биттага кўпайди. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида илгари сурилган эзгу ташаббуслари билан Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жаҳон стандартлари талаблари даражасида барпо этилган замонавий “Сангардак” санаторийси фойдаланишга топширилди.
Ўзбекистоннинг энг жанубий ҳудуди – Сурхондарё вилояти маркази Термиздан деярли 200 чақиримлик масофадаги Сариосиё туманида жойлашган сўлим масканлардан бири – Сангардак қишлоғининг “Наврўздара” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бундан 3 йил аввал Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 200 ўринли “Сангардак” санаторийси қурилишига таъмал тоши қўйилган эди. Сиҳатгоҳ денгиз сатҳидан 1054 метр баландликда, улкан тоғлар ёнбағрида барпо этилгани боис қия рельефли майдонларда мураккаб шароитлардаги қурилиш ишлари амалга оширилди. Пурвиқор тоғлар орасида энг замонавий ва меъморий ечимлар асосида барпо этилган мазкур жаҳон андозалари талаблари даражасидаги соғломлаштириш маскани халқимиз учун Президентимизнинг муносиб туҳфаси бўлди.Унинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, “Нуроний” жамғарсами республика бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тойир, шунингдек, қатор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар ва маҳалла фаоллари, устоз ва мураббийлар, ёшлар ҳамда таниқли ижодкорлар иштирок этдилар.
Тадбир аввалида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков сўзга чиқиб, бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан “Инсон қадри учун” деган бош тамойил асосида инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган кўплаб эзгу ташаббус ва лойиҳалар, тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Давлатимиз раҳбари бошчилигида барпо этилаётган Янги Ўзбекистонда инсон қадри тобора юксалиб бораётгани, барча соҳаларда бирдек амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида оддий одамларнинг манфаатлари, фаровон яшаши, муносиб меҳнат қилиши, мазмунли ҳордиқ чиқариши, умрини кўп яхшиликлар билан зийнатлаши бош мақсад қилиб олинганини эътироф этди.
Тантанали тадбирда “Сангардак” санаторийси директорига янги сиҳатгоҳнинг рамзий калити топширилди.Денгиз сатҳидан 2000 метр баландликда – тоғлар орасидаги Сангардак қишлоғида барпо этилган, дам олиб, саломатлигини мустаҳкамлаш учун ташриф буюрган даволанувчиларга барча зарур шарт-шароит ва қулайликлар яратилган замонавий “Сангардак” санаторийси жойлашган ҳудуди, иқлими, табиатининг шифобахш хусусиятига кўра юқори нафас йўллари, аллергия, астма, асаб, юрак қон-томир, урологик, гинекологик, ҳаракат-таянч тизими касалликларини даволашга ихтисослашган.
Умумий майдони 3,16 гектар бўлган санаторийга 4 километр олисдаги тоғлар орасидан махсус қувурлар орқали тоза ичимлик суви тортиб келинди. Сиҳатгоҳ Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташхислаш ва даволаш, саломатликни тиклаш ва турли касалликларнинг олдини олишга хизмат қилувчи энг сўнгги русумдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар, шунингдек, энг замонавий, юқори сифатли қаттиқ ва юмшоқ мебеллар билан жиҳозланди. Дам олувчилар учун бу ерда физиотерапия ва сув билан даволаш бўлимлари, шифобахш туз ғори, лаборатория, жисмоний тарбия, балчиқ ва парафин билан даволаш, гадроаэроионизация хоналари, ёпиқ сузиш ҳавзаси, турк ҳаммоми фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, кутубхона, маданият саройи, теннис хоналари, мазали ва дармондориларга бой таомлар тайёрланадиган ошхона, болалар ўйингоҳлари дам олувчиларга хизмат кўрсатади.
7 қаватли “Сангардак” санаторийсининг 1-қавати қабул ва бошқарув бўлими, 2-қаватдан 6-қаватгача барча қулайликларни ўз ичига олган стандарт ётоқхоналар, 7-қаватда эса барча қулайликларга эга бўлган люкс-аппартамент хоналари жойлашган. Янги санаторий ҳудудида катта кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, боғ ва гулзорлар барпо этилди.“Сангардак” санаторийси жойлашган ҳудуд жуда баҳаво ва салқинлиги билан ажралиб туради. Санаторийнинг 4 тарафидан Ҳисор тоғ тизмалари, шарқираб оқаётган сойлар кўриниб туради. Бу каби бебаҳо табиат неъматлари дам олувчиларга хуш кайфият бағишлаб, саломатликларини мустаҳкамлашда муҳим омил ҳисобланади.
Мазкур сиҳатгоҳда яратилган шарт-шароитлар йили 6400 нафар фуқаронинг саломатлигини тиклаш ва соғломлаштириш имконини беради. Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида “Сангардак” санаторийсида ишловчи малакали тиббиёт ходимлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг етачи санаторийларида амалиёт ўтаб, муҳим тажриба ва кўникмаларга эга бўлдилар.
Яна бир муҳим жиҳат – ушбу санаторийнинг ишга туширилиши натижасида янги иш ўринлари яратилиб, Санггардак қишлоғи ҳудудидаги Хубон, Боғча, Кенггузар, Сангардак, Хондиса каби маҳаллаларда яшаётган 150 нафардан ортиқ маҳаллий аҳоли вакиллари иш билан таъминланди.
Кези келганда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан меҳнаткашлар ва улар оила аъзоларининг саломатлигини мустаҳкамлаш ишлари сифатини янада ошириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар натижасида бугунги кунда тизимдаги санаторийлар ўз рейтинги, даволаш муолажа ва усулларининг хилма-хиллиги, мажмуавий қулайликларга эга эканлиги билан нафақат Марказий Осиё, балки Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ва бошқа ҳориж мамлакатларидаги санаторийлар билан бемалол рақобат қила олади. Шу боис ҳам сўнгги йилларда Ўзбекистон санаторийларига ҳорижий мамлакатлардан ҳордиқ чиқариб, саломатлигини мустаҳкамлаш учун келувчилар сони кескин кўпайди.
Инсон қадри улуғланиши давлат сиёсати даражасига кўтарилган, кексаю ёш эъзоз топаётган Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган хайрли ва савобли ишларга ҳамоҳанг равишда қад кўтарган “Сангардак” санаторийсининг илк дам олувчилари кўп йиллар давомида турли соҳаларда меҳнат қилиб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган, ўз ўгитлари билан ёшларни Она Ватанга меҳр-муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган фахрийлар бўлдилар. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган оқсоқоллар, отахону онахонлар ўзларига кўрсатилаётган бу каби юксак эътибор ва эъзоз учун Президентимизга ўз миннатдорчиликларини билдириб, бугунги доруломон кунлар учун шукроналар айтдилар.
***
Янги санаторийнинг тантанали очилиш маросимидан сўнг барча меҳмонлар “Сангардак” шаршарасининг фусункор гўзаллигидан баҳра олиш мақсадида шаршара томон йўл олдилар.
Канададаги энг машҳур “Ниагара” шаршарасидан ҳам баланд ҳисобланган “Сангардак” шаршараси денгиз сатҳидан 2 минг метр юқорида жойлашган бўлиб, баландлиги 100 метрдан зиёд. Бу ерда бир вақтнинг ўзида йилнинг тўрт фаслини кузатиш мумкин. Шаршара ер сатҳидан 150 метр баландликдан тоғ қояларига урилиб оқади. Камалакмисол товланаётган зилол суви баҳри дилингизни очади. Ўзига хос овози асабни тинчлантириб, юракка қувват беради. Унинг суви совуқ бўлса-да, қанча ичилса ҳам саломатликка зиён қилмайди. Аксинча, вужудингизни тетиклаштиради. Шу боисдан бўлса керак, ёз бошланиши билан шаршарадан меҳмонларнинг қадами узилмайди.
Ажиб табиат, салқин шаббода бу ерни одамларнинг севимли масканига айлантирган. Зилол сувдан татиб кўриш ва офтоб деярли тушмайдиган хушҳаво шаршара манзарасини кўриш учун одамлар бу ерга оқиб келишади. Сабаби, шаршаралардан оқиб турувчи сув инсонни дарҳол тинчлантиради ва бир зумда стресслардан халос этади Табиатнинг гўзал ва фусункор туҳфаси бўлган ушбу масканнинг тўрт томонини қалин ўрмонзорлар ва осмонўпар қоялар ўраб олган. Бу ерда турлари камайиб бораётган дарахтлар бисёр ва бу Сангардактоғнинг асл ҳолатини сақлашда қўл келмоқда. Бинобарин, фарк, заранг, писта, зирк, мурут каби мевали дарахтлар, туғдона, самбиттол, оддий тол, тоғтерак ҳамда татум каби ёғочбоп дарахтларнинг парваришига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шаршара атрофидаги тоғ ва сойларда доривор ўтларнинг қарийб 266 тури мавжуд. Мазкур ўсимликларнинг барчаси шифобахш. Улардан саломатликни сақлашнинг турли усулларини қўллашда фойдаланилади. Ранг баранг наботот ва турфа ҳайвонот олами, минглаб булоғу чашмалари билан ном қозонган машҳур Сангардак шаршарасидан маржондек товланиб тушаётган сув жозибасига атрофдаги сумбула ўтлари қишин-ёзин кўрк бағишлайди.
Президентимиз ташаббуслари билан сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Сангардак қишлоғининг, хусусан мафтункор ва жозибали шаршаранинг атрофи обод бўлишига, ташриф буюрувчиларнинг ҳордиқ чиқаришлари учун қулай шарт-шароитлар яратилишига, йўлларнинг равонлашишига, бир сўз билан айтганда, бутун инфраструктуранинг замонавий кўриниш касб этишига сабаб бўлди. Бу ерга ташриф буюрувчилар учун қулай шароитлар яратилиб, Қизилсув дарёси соҳили хавфсиз ҳолатга келтирилди.
Ўзбекистон зиёрат туризмининг энг саёҳатбоп объектларидан бири ҳисобланган бу шаршара Сангардакнинг “Туризм қишлоғи” мақомини олишида асосий манба ҳисобланади. Сангардак шаршарасини томоша қилиш учун Туркия, Япония, АҚШ, Афғонистон, Тожикистон ва бошқа давлатлардан сайёҳлар ташриф буюришади.
Ўзига хос табиати, шаршараси ва мусаффо ҳавоси билан маҳаллий ва хорижлик сайёҳларнинг севимли масканларидан бирига айланган Сангардак қишлоғида замонавий ечимлар асосида барпо этилган “Сангардак” санаторийси ҳам нафақат аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, балки ушбу масканда ички туризм билан бир қаторда тиббиёт туризми ривожига ҳамда воҳанинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салмоқли ҳисса қўшади.