Заседание Всеобщей конфедерации профсоюзов
10.11..2023. Ўзбекистон касаба уюшмалари саройида Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Ижроия қўмитасининг КУУ президенти Aлександр Корчагин бошчилигидаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирни Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Президенти A.Корчагин, Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси вице-президенти Қ.Рафиқов, Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Бош котиби A.Назейкин табрик сўзлари билан очиб бердилар. Улар Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барча соҳалар қатори ижтимоий-меҳнат муносабатларида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидладилар.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини, жумладан, меҳнат ҳуқуқларини халқаро меъёрлар даражасида ҳимоя қила оладиган янги Конституцияси ҳамда янги Меҳнат кодекси қабул қилинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси давлат ижтимоий сиёсатини шакллантириш ва олиб боришда фаол иштирок этиб, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг янги моделини яратишга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг ташаббуси ва ғайрати билан «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун кенг муҳокамадан сўнг қабул қилинди. Меҳнат муносабатларини тартибга солувчи янги қонунлар ишлаб чиқилмоқда, кўплаб муҳим ижтимоий ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ижтимоий шериклар ўртасида катта ишонч ва нуфузга эга. Ўзбекистон касаба уюшмаларининг масъулиятли тутуми, уларнинг меҳнаткашлар манфаати йўлидаги фаол ҳаракати республика ҳаётининг барча жабҳаларига ижобий таъсир кўрсатмоқда, меҳнаткашлар турмушини яхшилашга, мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
A.Назейкин, Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракати Касаба уюшмалари Умумконфедерациясига аъзо ташкилотлар орасида чуқур ва самимий ҳурмат қозонганини, алоҳида таъкидлар экан, муносиб меҳнат, касаба уюшмалари ҳамжиҳатлиги учун курашда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлигига ишора қилди.
Йиғилиш Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Ижроия қўмитаси мажлисининг кун тартиби ва уни ўтказиш меъёрларини тасдиқлаш каби ташкилий масалаларни кўриб чиқиш билан бошланди.
Учрашувда иккита глобал масала: «Ўзбекистон Республикасида меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик шартларига риоя қилишда касаба уюшмаларининг роли тўғрисида» ва «Минтақа мамлакатларида фуқароларнинг пенсия таъминоти тўғрисида»ги масалалар муҳокама қилинди.
Дастлабки мавзу юзасидан сўзга чиққан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Нодира Ғойибназарова меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсиз шароитларни таъминлаш масалалари касаба уюшмалари учун асосий вазифалардан бири бўлиб келганини урғулади.
Меҳнаткашларнинг соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқини рўёбга чиқаришда мамлакат касаба уюшмалари алоҳида ўрин тутади. Ижтимоий шерикликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги муаммоларни ҳал қилишда катта аҳамиятга эга.
Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг асосий вазифаси ижтимоий шериклик механизмларини кенг қўллаган ҳолда ишлаб чиқаришдаги шикастланишлар ва касбий касалликлар ҳолатларига муносабат билдиришдан ходимларнинг соғлиғига зарар етказиш хавфини бошқаришга ўтишдир. Aмалиёт шуни кўрсатмоқдаки, меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бутун мамлакат миқёсида ҳам, корхона даражасида ҳам самарали амалга оширишга фақат тизимли ёндашувдан фойдаланиш, шунингдек, ижтимоий шерикларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш, унинг самарадорлиги назоратини олиб бориш, тузатишлар киритиш ва такомиллаштиришдек доимий жараёнларда тўлиқ иштирок этиши орқали эришиш мумкин.
Ижроия қўмитаси аъзолари хавфли ва зарарли омиллар мавжуд иш жойларида хотин-қизларнинг меҳнат шароитлари билан ҳам қизиқиб, маърузачидан атрофлича жавоб олдилар. Шунингдек, Ижроия қўмитаси аъзоси В. Бондарев Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат гигиенаси борасидаги ижобий амалиётини алоҳида таъкидлади.
Биринчи масала бўйича Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Ижроия қўмитаси «Ўзбекистон Республикасида меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилишда касаба уюшмаларининг роли тўғрисида»ги маърузани маъқуллаб, тақдимот материалларидан касаба уюшмалари фаолиятида фойдаланиш учун КУУнинг барча аъзоларига юбориш ҳақида қарор чиқарди.
Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Бош котиби ўринбосари Валерий Юрьев, шунингдек, бир қатор аъзо ташкилотлар раҳбарларининг минтақа мамлакатларида фуқаролар пенсия таъминоти масалалари бўйича маърузаларини эшитиб, Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Ижроия қўмитаси МДҲ мамлакатлари касаба уюшмалари пенсия тизими фаолиятини энг муҳим ижтимоий вазифалардан бири деб ҳисоблаган ҳолда, фуқароларнинг пенсия таъминотини яхшилаш ишларида доимий иштирок этиб келаётганини алоҳида таъкидлади.
Aъзо ташкилотлар томонидан пенсия таъминотини яхшилашга қаратилган салмоқли ишлар амалга оширилди. Бироқ, пенсиялар ошишига қарамай, минтақада пенсия таъминоти даражаси пастлигича қолмоқда. Пенсия тизимининг молиявий аҳволи беқарор ва у давлатлар, иш берувчилар ва касаба уюшмалари вакилларининг мувофиқлашган ҳаракатларига боғлиқ. Минтақада пенсия таъминоти соҳасидаги асосий муаммолар кўп жиҳатдан энг кам иш ҳақининг пастлиги билан изоҳланади. Шу боис минтақа касаба уюшмалари томонидан ижтимоий шериклик доирасида мавжуд пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш зарурлиги тўғрисидаги саволлар кўп бор кўтарилмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари бўлими бошлиғи Маҳмуджон Исаевнинг таъкидлашича, мамлакатимизнинг ўзига хос жиҳати шундаки, Ўзбекистонда анъанага кўра, болалар кекса ота-оналарини ташлаб қўймайдилар ва мамлакат Конституциясида белгиланганидек, уларни моддий таъминлашга мажбурдирлар. Бу анъана, умуман олганда, аҳолининг бир қисмининг нисбатан паст пенсияларини қоплайди ва кексалар орасида қашшоқликнинг олдини олади. Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси 12 фоизлик ижтимоий солиқ жамғармаларининг бир қисмидан шакллантирилади, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузурида фаолият юритади ва Бош вазир ўринбосарига ҳисобот беради. Бир қарашда мамлакатда демографик
қўллаб-қувватлаш коэффициенти юқори (13,9), лекин аслида, норасмий бандликнинг юқори даражаси туфайли Пенсия жамғармаси етарли даражада молиялаштирилмаяпти. Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг даромадлари ва харажатларидаги камомад давлат маблағлари ҳисобидан қопланади. Ҳозирги вақтда Пенсия жамғармасига киритилаётган бюджет маблағлари тахминан 25 фоизни ташкил қилади. Касаба уюшмаларининг стратегик мақсади йўқотилган даромадларни 40 фоизгача тўлдиришга эришишдир.
Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Ижроия қўмитаси КУУнинг «Минтақа мамлакатларида фуқароларнинг пенсия таъминоти тўғрисида »ги қўшма ҳисоботини маъқуллаш ва уни МДҲга аъзо давлатларнинг Парламентлараро Aссамблеяси, МДҲ Ижроия қўмитаси, МДҲга аъзо давлатлар ҳукуматлари, Евроосиё иқтисодий комиссияси, Пенсия ва ижтимоий жамғармалар халқаро ассоциацияси, шунингдек, ўз фаолиятида фойдаланиш учун аъзо ташкилотларга юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.
Шунингдек, аъзо ташкилотлар томонидан пенсия таъминотини яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича қилинаётган салмоқли ишларни алоҳида қайд этиш тўғрисида ҳам қарор қабул қилинди.
Мустақил давлатлар касаба уюшмалари бирлашмалари ва касаба уюшмаларининг халқаро тармоқ бирлашмаларига Ҳамдўстлик давлатларининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва маъмурий органлари, барча даражадаги ижтимоий шериклар билан ҳамкорликда барқарор, мунтазам равишда иш ҳақи тўловларини тўлаш ва пенсия таъминоти тизимига суғурта бадалларини бутун иш фаолияти давомида тўлаш асосида аҳоли бандлигини таъминлаш орқали пенсия жамғармаларининг нормал фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича изчил ва мақсадли ҳаракат қилишлари тавсия этилди.
Ижроия қўмитаси йиғилиши ишчанлик, конструктив руҳда ўтди.