
Boshqarma haqida
Boshqaruv haqida
ЎЗБЕКИСТОНДА САНАТОР-КУРОРТ ДАВОЛАШ ИШЛАРИ Республикамизда ҳаётимизнинг барча жабҳаларида туб ислоҳотларни амалга ошириш билан бирга, мустақилликнинг илк йиллариданоқ мамлакатимизда меҳнаткашларимиз саломатликларини муҳофаза қилиш, уларнинг ва оила аъзоларининг саломатликларини мустаҳкамлаш ишларига катта эътибор қаратилди ва ушбу йўналишдаги ишлар йиллар давомида такомиллашиб бормоқда. Мамлакатимизда санатор-курорт даволаш тизимини йўлга қўйиш тарихига назар ташласак, ушбу тизим ўз фаолиятини 1925 йилнинг 21 мартида бўлиб ўтган Республика касаба уюшмаларининг I таъсис съездидан кейин бошлаган. Съездда меҳнаткашларнинг соғлиғига эътиборни кучайтириш мақсадида дам олиш уйларини молиялаштириш, бошқариш, кадрлар билан таъминлаш, йўлланмалар тарқатишни йўлга қўйиш учун Ўзбекистон касаба уюшмалари қошида Курортлар бошқармаси фаолияти бошланишига асос солинди. Курортлар бошқармасига касаба уюшмалари санаторийларини бошқариш структурасини такомиллаштириш, замонавий тиббий воситалар ва тиббий услублар асосида меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, дам олдириш ҳамда уларга маданий хизмат кўрсатишни яхшилаш, санаторийларнинг моддий – техника базасини мустахкамлаш вазифалари топширилди. (“Ўзбекистонда 1919-1962 йилларда санатор-курорт иши” хақидаги тарихий маълумотдан олинди). Ҳозирги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши тизимида 24 та санаторий мавжуд бўлиб, булар 2 та акциядорлик жамияти, масъулияти чекланган жамиятлар ва 3 та унитар корхона хамда дам олиш уйи фаолият юритмоқда. Уларда ҳар йили республикамизнинг 100 минг нафардан зиёд меҳнаткашлари ва уларнинг оила аъзолари ҳордиқ чиқариб, ўз саломатликларини тиклаб келмоқдалар.

Кейинги йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан санаторий муассасалари рентабеллигини ошириш мақсадида уларнинг иқтисодий ҳолати мониторинги олиб борилмоқда. Мониторинг натижаларига кўра санаторийлар ва дам олиш масканларини мунтазам реконструкция қилиб бориш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш, ҳозирги кун талабига жавоб берадиган шароитларни яратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Йўлланмаларни тақсимлашда биринчи навбатда ишловчи аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга эътиборни қаратиш, йўлланмаларнинг икки турини: ишловчи тоифалар учун - ижтимоий суғурта бюджети маблағлари ва касаба уюшмалари аъзолик бадаллари хисобидан, шунингдек, бошқа тоифалар учун - тижорат йўлланмаларини сақлаб қолиш, ишчи-ходимларни санаторий-курортларда даволанишларига йўлланмалар олиш учун хўжалик органлари маблағ ажратишлари бўйича мажбуриятларни жамоа шартномалари ва келишувларига киритишга эришиш борасида самарали фаолият олиб борилмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши тизимидаги санаторийларда 2011-2014 йиллар ва 2015 йилнинг 6 ойи давомида 443 минг нафардан зиёд мехнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари соғломлаштирилди. Ҳар бир санаторий кўп тармоқли бўлиши билан бирга, кардиологик, гастроэнтерологик, гинекологик, неврологик, пульмонологик нефрологик ҳамда харакат-таянч касалликларни даволашга ихтисослаштирилишига эришилди.

САНАТОРИЙЛАРНИНГ ДАВОЛАШ ОМИЛЛАРИ Ўзбекистон касаба уюшмалари тизимидаги санаторийлар жойлашган ҳудуди, табиати, мўътадил иқлими, ҳамда ер тубидан қалқиб чиқаётган маъданли сувлари ва таркибидаги органик минерал тузларининг даволи таъсирига кўра касалликларни даволаш учун ихтисослашган бўлиб, бошқа дунё таниган сиҳатгохларнинг маъданли сувлари ва табиий омиллари билан рақобатлаша олади. Жумладан,”Зомин” , “Оқ-тош” санаторийлари тоғ бағрида жойлашган бўлиб игнабаргли дарахтларнинг ҳидига бурканган мусаффо ҳавоси, табиий гидроионланган тоғ дарёлари ва дарахтларнинг эфирли буғланишлари иқлим шароитларида сурункали ўпка касалликлари мавжуд дам олувчиларни соғлолаштиришда самарали таъсир кўрсатади. Фарғона вилоятида жойлашган бальнеологик курорт “Чимён санаторийси”даги сероводородли маъданли сув юрак-қон томир, ҳаракат ва таянч тизими, асаб, гинекологик ва урологик касалликлари билан хасталанганларни соғломлаштиришда самарали таъсир қилади хамда Сочидаги таниқли “Мацеста” курорти сувларидан таркиби бўйича унча фарқ қилмайди. Худди шундай бальнеологик санаторийлардан “Чортоқ”, “Хонқа” санаторийлари маъданли сувлари таркибида йод ва бром минералларига бой, Термиз шаҳрида жойлашган санаторийда эса юқорида кўрсатилган маъданли сувларнинг хар иккиси хам мавжуд, ушбу сувларнинг концентрацияси юқоридир. “Чинобод”, “Турон”, “Ботаника”, “Бўстон”, “Ситораи Мохи Хоса”, “Қашқадарё сохили”, “Олтинсой” , “Косонсой” ва “Хавотоғ” санаторийлари маъданли сувлари таркибида хлорид-гидрокарбонат натрий минерал тузлари бўлиб, таниқли “Саки”, “Евпатория” курортлари маъданли сувларидан қолишмайди. “Абу Али ибн Сино санаторийси”даги радонга бой маъданли сувлар “Цхальтубо” курорти сувлари билан бир хил органик таркибга ва даво таъсирига эга ҳисобланади.
